Навигация
Telegram kanalimiz

Опросы
Savol-Javoblar

Оцените работу движка

Реклама
Reklama

У нас нашли
Natijalar

2 Mehmon hozir saytda
ULARDAN:
Mehmon:2

ИНСОННИНГ ҚАНДАЙЛИГИ ЭЛ БОШИГА ТАШВИШ ТУШГАНИДА БИЛИНАДИ

  • 3-04-2020, 00:40
  • |
  • Просмотров:40
Инсон Аллоҳ томонидан шундай гўзал хилқат қилиб яратилганки, унинг таърифини келтирмоққа тил ожизлик қилади. Инсоннинг имкониятлари, ақл-заковати, меҳр-шафоати ва оқибати нақадар таҳсинга муносиб. Лекин бу фазилатлар ҳамма инсонларга ҳам хосми? Гап мана шунда, азизлар.

Коронавирус пандемияси бутун дунёни қамраб ола бошлагач, унинг шарпаси Ўзбекистонимизга ҳам кириб келди. Кимдир ваҳимага тушди, кимдир ўзига, халқига ғамхўрлик қилаётган Президентимизга ишонди, имонда собит бўлиб, шукрона қилди, кун-у тун Аллоҳдан нажот сўради. Лекин айрим  тоифа инсонлар инсоф, имон, диёнатни унутиб, бири олиб сотарлик қилса, яна бири фирибгарлик йўлига ўтди. Шуни айтсалар керак-да,эл бошига иш тушса, элим, деганлар сайланади, деб.

Ҳақиқатан ҳам элим, деган мардлар бугун майдонда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ана шундай мард-у майдон саховатпеша инсонлар томонидан бир кунда 5 млрд. сўм маблағ йиғилганини эшитиб, халқимизнинг бу инсоний хислатидан кўзларимга ёш келди.

18 мартдан бошлаб, барча талаба-ёшларга таътил берилди. ОТМлар, мактаблар, ҳатто масжидлар ёпилди. Қачон юртимизда ўқув даргоҳлари ёпилган? Қачон масжидлар ёпилган? Бугун уйимиз – дарсхона, уйимиз – масжид, оналаримиз, пир-у бадавлатларимиз жойнамозга кўзда ёш билан бош қўймоқдалар. Нима учун? Аллоҳдан элга, халққа нажот сўраб!

Қизларим Тошкент шаҳрида, олийгоҳда ўқишади. Мен ҳам улар учун дуода бўлдим. Тошкентдан эсон-омон бағримизга қайтишини тиладим. Минг шукр, улар ҳозир оилам бағрида соғ-саломат. Лекин талабаларга таътил берилган кунлари уларнинг Манғит шаҳрига қайтишлари қанчалик қийин кечганини эсласам, юрагим оғрийди. Ҳар куни телевизор орқали Хоразм ва Қорақалпоғистондан ташқари барча вилоятлардан Тошкентга келиб таълим олаётган талабаларни юртдош-ҳамқишлоқлари, ҳатто вилоятлар мутасаддилари ташаббус кўрсатишиб, уйларига бепул етказиб қўйишди. Қийин вазиятда буям бир мардлик, жасорат. Лекин бизнинг манғитлик киракашлардан бирон бир инсофлиси чиқиб:

- Ҳай, биродарлар, келинглар, йўл ҳақини кўтармайлик, аввалгидай 150 минг сўмдан олаверайлик, - дейишмади.

Аксинча, бир кунда 150 минг сўмлик йўл ҳақини 450 минг сўмга, кейинчалик 800 минг сўмга кўтаришди. Икки-уч эмас, 5 баравардан ҳам ошириб юборишди “учар” киракашлар. Бундай ҳолатни Манғит-Нукус, Манғит-Урганч йўналишларида ҳам кузатдик. Айрим талабалар бир қадам жойдаги Нукус шаҳридан 50-60 минг сўм билан қайтишди ўша кунлари. Сал инсоф ҳам керак-да, келиб-келиб талабанинг чўнтагига кўз тикасанми, номард, дегинг келади.

Бу кунлар бир синов, азизлар. Баъзан ўйлаб қоламан: пулни қувиб ким ўзини бозорга урди, кеча-кундуз тинмай узоқ шаҳарларга мол учун қатнади, оилани, бола-чақасини яқинларига ташлаб, фақат  пул топишнинг измида бўлган инсонлар сон-саноқсиз. Аллоҳ синов юбориб, одамларни оиласи бағрига қайтардимикан?

Анча йиллар олдин 2-синф ўқувчиларига рус тилидан дарс ўтдим. “Моя семья” (“Менинг оилам”) мавзусида баён ёзишни уйга вазифа қилиб топширдим. Шунда жажжи болажонлар оиласи ҳақида таништириш асносида “дадам, онам  Қозоғистонда ёки Pоссияда ишлашади” деб ёзишганди. Улар буви, бобо ёки амма-холалариникида қолишганди. Бу жуда ачинарди ҳолат. Болалар меҳрга зор ўсишаётганди. Ўша ўқувчиларимнинг кўпчилиги ота-онасига меҳрсиз эканлигини эсласам, Аллоҳ биз катталарни жазолаётгани йўқмикан, деб ўйлайман.

Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бир дастурхон атрофида, ота боланинг, бола ота-онасининг  кўзига, юзига боқиб, бири-бирининг меҳр тафтини ҳис этиб, сабр қилиб кунларни ўтказаяпмиз. Инсоф билан айтганда, Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтаётирмиз. Бу синовли кунлар ҳали ортда қолади, яна бир-биримизга қучоқ очиб байрамлар, тўй-томошаларга жамлашиб чиқамиз. Мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Истагим шуки, айни оғир вазиятларда бир-биримизга елкадош бўлиб, ҳар қачонгидан ҳам меҳрлироқ, имонли, диёнатли бўлайлик. Ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган таъқиқларга эътиборли бўлиб, карантин қоидаларига амал қилайлик, азизлар. Уйда қолиб, биз учун, азиз фарзандларимиз келажаги учун тун-у кун фидойилик қилаётган, айни пайтда ишда бўлган шифокорлар, баъзи соҳа ходимларини қўллаб-қувватлайлик!

Насиба АҲМЕДОВА, 36-сонли мактаб ўқитувчиси.


Новость отредактировал: Admin - 3-04-2020, 00:40

0Комментариев

Добавить комментарий

Имя:*
E-Mail:*
Комментарий:
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив