Навигация
Telegram kanalimiz

Опросы
Savol-Javoblar

Оцените работу движка

Реклама
Reklama

У нас нашли
Natijalar

1 Mehmon hozir saytda
ULARDAN:
Mehmon:1

ЯШИЛ ҲУДУДЛАP ТУМАНИМИЗ ИҚЛИМИ ВА ТАБИАТИНИ МУВОЗАНАТГА СОЛИБ ТУPАДИ

  • 3-04-2020, 03:30
  • |
  • Просмотров:34
Ўрмонлар – яшил бойлигимиз. Ушбу яшил бойликнинг қадр-қимматига етиш, асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Мамлакатимиз ҳудудидаги ўрмонлар табиий кўпайиш хусусиятига эга бўлишига қарамасдан мутахассислар томонидан ҳам ўрмонзорларни интенсив ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.

Туманимиз ҳудудидаги йирик Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган  кенг кўламли ишларнинг бутун мазмун-моҳияти ҳам яшил ҳудудларни янада кенгайтириш, ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат. Умумий ер майдони 16540 гектарни ташкил этувчи мазкур хўжаликнинг 3348,1 гектар ери яшил ўрмонзорлар билан қопланган. Қолган ер майдонларида янги ўрмонзорлар барпо этиш, уруғчилик ва кўчатчилик, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлаш, доривор ўсимликлар уруғларини тайёрлаш ва экиш, шунингдек, қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш йўналишларида иш олиб борилади.

Президентимизнинг 2019 йил 23 августдаги “Pеспубликада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир кўзланган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва ушбу Қарор ижросини таъминлашга қаратилган Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши ва туман ҳокимининг қарорларига мувофиқ Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида барча ишлар хўжалик мутахассислари томонидан аниқ ва пухта режа асосида ташкил этилган. Хусусан, ўтган йил давомида ўрмон барпо этиш, уруғчилик ва кўчатчилик йўналишида  амалга оширилган ишлар самарали бўлди. Йиллик режага кўра, 3650 килограмм турли хил ўрмон буталари уруғи тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, айни кунгача 36456 кг, уруғлар тайёрланди. Шундан 35656 кг. саксовул, 1800 кг. қорабароқ уруғлари терилиб, Оролқум ҳудудида барпо этилаётган яшил ҳудуд бунёдкорларига етказиб берилди.

Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидаги қумлоқларда янги ўрмонлар барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар туфайли айни пайтда 28 гектар қумли ҳудудга саксовул кўчатлари ўтқазилиб, 45 гектар майдонга саксовул уруғлари экилди. Мавсум охиригача яна 27 гектар қумли ҳудудга саксовул кўчати ва 45 гектар ерга саксовул уруғлари экилиб, қумли ҳудудлардаги саксовулзорларни 145 гектарга етказиш режалаштирилган.

Ўрмонзорлар барпо этиш ва буюртмачи ташкилотларга зарур кўчатларни шартнома асосида етказиб беришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айни пайтда ўрмон хўжалигидаги 3 гектарлик ниҳолхонада саксовулдан ташқари, япон сафораси, гледичия, клен, дуб, можжевельник, шарқ туяси каби ноёб дарахт кўчатларининг туманимиз иқлим шароитига мослаштирилган навлари парваришланмоқда. Ушбу кўчатлар буюртмачиларга ўз вақтида, сифатли етказиб берилиши  учун хўжаликда фаолият юритувчи 44 нафар малакали мутахассис ва ишчилар масъул.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган 6 гектарлик унумдор ер майдони айни пайтда баҳорги экиш ишларига тайёр ҳолатга келтирилди. Ўрмон хўжалигида озуқабоп ўсимликлар, шунингдек, доривор гиёҳлар ҳам парвариш қилинади. Наъматак, тирноқгул, яъни календула каби доривор ўсимликлар етиштирилади. Хўжалик томонидан 2020 йилда белгиланган режа асосида 90 тонна доривор ўсимликлар қисмлари йиғилиб, қайта ишловчи фармацевтика саноати корхоналарига етказиб бериш режалаштирилган.

Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги четдан қараганда фақат жайдари дарахтзорлардан ва чўл бутазорларидан иборатдек кўринади. Лекин хўжаликнинг умумий фаолияти билан яқиндан танишган киши бу ҳудудда кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлади. Шу билан бирга йил сайин ривожланиб бораётган қўшимча тармоқлар – асаларичилик ва паррандачиликнинг истиқболига ҳавас қилиши табиий. 132 та оиладан иборат асалари уяларида мавсумда мўл ва шифобахш, бетакрор ўрмон асали етиштирилади. Яқин вақт ичида паррандалар умумий сонини 1000 тага, майда шохли моллар сонини 111 бошга етказиш тараддудини кўраётган ўрмончиларнинг  режалари катта. 0,07 га майдондаги иссиқхона хўжалигида эса 200 туп лимон кўчатлари барқ уриб ривожланаётганидан далолатки, ўрмончилар яқин вақт ичида лимон етиштиришнинг ҳам уддасидан чиқадилар.
Очиқ майдонларда етиштирилаётган анор, анжир, дарахтларидан ташқари тут, қайрағоч, ясень, катальпа, тол, терак кўчатлари туманимиз фермер хўжаликлари ҳудудларидаги ариқ ва ёплар бўйига экилди.

Ҳар қандай соҳанинг тараққиётини янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш қувватлари белгилайди. Буни яхши билган Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари асаларичиликда янги  лойиҳани амалга оширдилар. Хўжаликда БМТнинг ривожлантириш лойиҳаси асосида қиймати 31 минг евролик асал ва бошқа маҳсулотларни қадоқлаш цехи ташкил этилди. Мазкур цех ҳажми ҳар хил шиша ва пластмасса идишларда тайёр маҳсулотларни қадоқлашга мўлжалланган.

Яшил ўрмонзорлар – умумхалқ мулки, уни асраш, бойитиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шу боис, мазкур ҳудудда ўзбошимчалик билан ов қилиш, дарахт кесиш, яйловларда рухсатсиз чорва молларини боқиш, олов ёқиш ҳолатларига қарши мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилади. Чунки бу яшил оламнинг ҳам ўсимликлар дунёсини, ҳам ҳайвонот дунёсини бири-бирига мутаносиб равишда ривожлантириш соҳа ходимларининг зиммасидаги юксак масъулиятдир.

Бу ҳудудлар – нафақат яшил бойлигимиз, балки туманимиз иқлими ва табиатини мувозанатда сақлаб туришга хизмат қилувчи кислород фабрикасидир. Унга зиён етказишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.
0Комментариев

Добавить комментарий

Имя:*
E-Mail:*
Комментарий:
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив