Навигация
Telegram kanalimiz

Опросы
Savol-Javoblar

Оцените работу движка

Реклама
Reklama

У нас нашли
Natijalar

1 Mehmon hozir saytda
ULARDAN:
Mehmon:1

Президент тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида яна бир янги фармонга имзо чекди

  • 3-04-2020, 10:34
  • |
  • Просмотров:92
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президент яна бир бор халққа мурожаат қилди, шунингдек, тадбиркорлар учун енгилликлар ҳақида маълум қилди, дея ёзмоқда "Kun.uz"

Маълум қилинишича, иқтисодиёт ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармон имзоланган.

«Пандемияни тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори биз ҳам жиддий изланишдамиз. Одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун барча режаларни кўраяпмиз.

19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилган эдим. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар жойларда бу чора-тадбирларнинг ижросини таъминламоқда.

Мен бугун мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармонга имзо чекдим. Қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилдим.

Ушбу фармонга кўра:

Биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.

Бешинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.  

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади.

Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Шунингдек, бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарорга имзо чекдим. Уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.

Еттинчидан, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб оламиз (ҳозирда 600 мингта).

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Саккизинчидан, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини янада қўллаб-қувватлаймиз.

Мисол учун, мамлакатимизда 28 мингдан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўтган йили 50 миллион доллар маблағ ажратилди, 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирдларни тайёрлади.

Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Яратилаётган бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имкониятдир», дейди президент.

Давлат раҳбари тадбиркорларга мурожаат қилган ва юзага келган мураккаб даврдан баҳамжиҳат ўтилишига ишонч билдирган.

«Ҳурматли ҳунармандлар! Сизларнинг меҳнатингиз, янги-янги ташаббусларингиз ҳозирги вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга, албатта, муносиб ҳисса қўшади.

Тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналар раҳбарлари берилган бу имтиёзлардан самарали фойдаланишлари керак.

Энг асосийси, жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш зарур.

Ушбу мезон асосида вилоят, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс идоралари ўз иш режалари ва ишлаш услубларини қайта тузиб олишлари даркор.

Яъни, ҳар бир раҳбар корхоналар, тадбиркорларнинг муаммосига алоҳида ёндашиб, уларни ҳал қилишда “бевосита бошқарув” режимига ўтиши керак.

Азиз ватандошлар, нуроний отахон ва мунис онахонлар, қадрли фарзандларим!

Кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар, албатта, ўтади.

Бизнинг буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтган. Бу синовдан ҳам муносиб ўтиб олишимизга қатъий ишонаман.

Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!

Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.

Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган.

Мен ана шундай мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман.

Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!

Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин!», дейилади президент мурожаатида.
0Комментариев

Добавить комментарий

Имя:*
E-Mail:*
Комментарий:
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив